Бу ҳикоя Туркиядаги Ўзбеклар телеграм каналидан олинди:
Бош офисимиз Анталияда бўлгани учун Истанбулдаги офис кассасига кун давомида кирим қилинган нақд пулларни ишхонага яқин бўлган банкдан компания ҳисоб рақамига ўтказиб келаман. Ҳафтада 5 кун, бир кунда камида бир маротаба пул кўтариб банкка бораман.
5 ой олдин банкка 10 минг доллар олиб бордим, пулларни яримини кассадан, яримини йўл-йўлакай валюта айирбошлаш шаҳобчасидан олганим учун 10 минг доллар иккига бўлинган ҳолда эди.
Иш вақтини тугашига 1 соатдан камроқ вақт қолганди, навбатим келганда сумкадан пулларни чиқариб банк ходимига бердим, ўзим ҳар доимгидек телефон чуқалаш билан банд бўлдим.
10 дақиқадан кейин қўлимга тўлов қоғозини беришди, бир нусхасига қўл қўйдим, ташқарига чиқиб қоғоз расмини телеграм орқали компаниямиз ҳисобчисига ташлайман деб қарасам 20 минг доллар ўтказилган.
Дарҳол акамга телефон қилиб сумкага қанча пул солишганини сўрадим, акам 5 минг доллар ва яна 5 минг доллар сотиб олиш учун лира солишганини айтди. Демак банк ходими иккита 5 минг долларлик пачкаларни 10 минг доллардан деб ўйлаган ва ҳисобга 20 минг доллар ўтказиб юборган.
Банкка кириб хато қилганини айтмасдан кетворсам 10 минг доллар ёнимда қолади, банк ходими ҳам куни билан юзлаб одамлардан пул олади, қутига солинган пуллар орасидан меникини ҳаётда тополмайди деб ўйладим. Кейин агар билиб қолишса нима бўлиши ҳақида ўйладим, шармандалик, жуда катта шармандалик хаёлимдан ўтди. Кетиб қолиш ҳақида ўйлаганим учун ўзимдан уялиб кетдим.
Зудлик билан банкка қайтиб кирдим ва мендан пул олган ходим олдига бориб хато қилганини, мен унга 20 минг доллар эмас, 10 минг доллар берганим ҳақида айтдим. Банк ходимининг бир паста ранги оқариб кетди, бошқа ҳамкасбларига мурожаат қилди, ҳали энди иш бошлаган экан, бир пастда бошқа иккита ходим келиб тепамизда туриб ўтказмаларнинг ҳаммасини далолатномага ўхшаган бир нималар тузиб бекор қилди.
Менга адашмасам 8 маротаба раҳмат айтишди, ўзимни 10 минг доллар пулимни ҳисобга ўтказиб беришди. Қилган ишимдан хурсанд бўлдим, худди катта қарзимдан қутулгандек ҳис қилдим ўзимни. Лекин орадан кунлар ўтиб шу бекор банкка қайтиб кирдиммикин деб ўйлайдиган бўлиб қолдим. Йўқ жойдан 10 минг доллар тешиб чиқмасди.
Ўтган жума куни яна банкка пул олиб бордим, бу сафар долларда эмас лирада, акамдан пул солинган сумкани олиб йўл-йўлакай валюта айирбошлаш шаҳобчасига кириб долларларни лирага алмаштириб пул устига пул қўшдим ва орада ҳисобни қанчалигини унутиб қўйдим. Қанча пул борлиги аҳамиятсиз, чунки банкда санаб олишади.
Энг қизиғи бу сафар банк ходими мени 20 минг лира пулимни ҳисобга киритмасдан унутиб қолдирибди, мен қанча пулим борлигини билмаганим учун тўлов қоғозига қўл қўйиб чиқиб келаверибман. 20 минг лира камлигини барибир оқшом ҳисобот вақтида билардик. Лекин мен ишхонага келганимдан кейин орадан 40 дақиқа ўтиб банк ходими мени номеримни қаердандир топиб телефон қилиб банкка чақирди. Банкка борганимда 20 минг лира пулим қолиб кетганини айтиб мен билан бирга пулларимни ҳисоблашга киришиб кетишди, кейин 20 минг лира учун алоҳида тўлов қоғози беришди.
Кўчага чиқиб 6 ой олдин банкка қайтиб кирмасдан кетиб қолганимда барибир 40 дақиқадан кейин билиб қолишлари ва шарманда бўлишим мумкинлиги кўзимни олдидан ўтди. Худо менга яна бир марта 6 ой олдин тўғри иш қилганимни кўрсатиб берди, шайтон менга 10 минг доллар бериб бир умр виждон азоби билан юришга мажбур қилмоқчи эди, лекин. Худо сақлади.
コメント